Табиий офатдан зарар кўрган Қоракўл

Поділитися
Вставка
  • Опубліковано 6 жов 2024
  • 27 апрелда эсган мисли кўрилмаган даражадаги кучли шамол ва ёмғирсаноқли дақиқалар ичида Қоракўл туманига жуда катта талофот етказди. Қадимий гўшага кўрк бағишлаб турган, қаттиқ меҳнат ҳамда маблағ эвазига қад ростлаган бинолар, турар - жойларнинг аҳволини кўрганларнинг кўнглига қил ҳам сиғмай қолди.
    Офат қоракўлликларнинг иродасини, сабр-у матонатини синовдан ўтказди. Зеро, кимнинг ким эканлиги ана шундай оғир ва мушкул дамларда билинади.
    -Дастлабки маълумотларга қараганда, 8 мингга яқин хонадон, 47 та мактаб, 30 та мактабгача таълим, 24 та тиббиёт муассасасига, 300 дан зиёд тадбиркорлик субъектларига зиён етказди,-дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Раббонақул Мухторов. -338 та трансформатор пункти зарарланди. Офат етказган зарар миқдори ва миқёсини аниқлаш ишлари давом этяпти.
    -Муҳими, одамларнинг тушкунликка тушмай, талафотни бартараф этишга дадил киришганидир,-дейди тумандаги Бандбоши маҳалла фуқаролар йиғини масъул котиби Қаҳҳор Мухторов. - Айниқса, Президентимизнинг вилоятимизга ташриф буюриб, жойлардаги аҳвол билан танишгани, давлат томонидан зарур барча ёрдам кўрсатилишини билдиргани фуқароларимизнинг руҳини кўтарди. Ҳудудимизда 750 та хонадон бор. Шуларнинг 300 дан зиёди зиён кўрди. Юқори кучланишли электр тармоқларининг 30 фоизи, паст кучланишли тармоқнинг 40 фоизи авария ҳолатига келиб қолди.Ҳозир соҳа мутахассислари тиклаш ишларини олиб боришяпти. Ҳозиргача мингтадан зиёд шифер ажратилди. Уни аҳолига тарқатяпмиз.
    Эл бошига ташвиш тушганида ўзини эмас, ўзгаларни ўйлаган диёнатли инсонлар борлигини эшитиб қувонасан, киши. Абдураҳмон Жумаевга ана шундай тадбиркорлардан бири, дея таъриф беришди. У 250 та хонадонга ўз ёнидан 30 миллион сўм сарфлаб озиқ - овқат маҳсулотларини етказибди.
    Яна бир муҳим жиҳати шундаки, бу синов одамларни жипслаштирди.
    Билим даргоҳимизда 450 нафар ўқувчи таҳсил олади, дейди тумандаги 16 - умумтаълим мактаби психологи Пўлат Жўраев. -Кўриб турганингиздек, ўқув биноларининг том қисми, дераза ва эшиклар жиддий зарарланди. Шамол мактабимиздаги ўттиздан зиёд дарахтни қўпориб ташлади. Аммо қўл қовуштириб турганимиз йўқ. ”Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли корхоналарнинг ишчилари ёрдамга келишди. Биз, ўқитувчилар ҳам ўз ташаббусимиз билан мактаб ҳудудида офат талафотларини бартараф этиш ишларига кўмаклашяпмиз.
    Эътиборлиси, туманда таъмирлаш, қайта тиклаш, ободончилик юмушлари кеча-ю кундуз давом этмоқда. 200 дан зиёд техника ажратилган. 2 май ҳолатида аҳолига 21 мингта шифер тарқатилди. Ижтимоий соҳа объектларида 47 та пудратчи ташкилот таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
    Истам ИБРОҲИМОВ,
    “Халқ сўзи”

КОМЕНТАРІ •